1979-йилнинг 20-ноябрида Макка шаҳридаги марказий масжид ал-Ҳарамда бомдод намозига 50 мингдан то 100 минггача мусулмонлар исломий янги йилнинг намозига йиғилган бӯлиб, улар тоату ибодат ва зиёрат билан банд эди. Исломий шариат талаботларига мувофиқ мазкур ойда мусулмонлар томонидан Макка яқинида одам ӯлдирилиши, жанг қилиш, ов билан машғул бӯлиш қатъиян тақиқланган эди. Аммо ӯша куни эрталабки офтобнинг илк нурлари эндигина масжид минораларини ёрита бошлаган вақтда, йиғилганлар намозни бошлашга улгурмасданоқ, ногоҳан масжид саҳнида даҳшатли портлаш ва бу ерга йиғилганлар томон ӯқларнинг отилиши, масжид ичида ёнғиннинг чиқиши бу ердаги тинч вазиятни бир зумда бузиб юборган, тоат-ибодат учун йиғилганлар тамоман тахликага тушиб қолишган эди. Уларнинг тасаввурида гӯё қиёмат бошланган эди. Аслида эса ислом оламининг табаррук манзилларидан бири ал-Ҳарам масжидида ӯзини “ҳақиқий мусулмон” ҳисобловчи бир гуруҳ ваҳшийлар даҳшатли террористик ҳаракатни амалга оширган эди.
Аслида, 1979-йилнинг сентябр ойи ӯрталарида Арабистон ҳукуматига маълум бӯлган эдики, давлат армияси сафларида махсус гуруҳлар тузилган бӯлиб, улар хорижий давлатлардан ноқонуний тарзда қурол-яроқ билан таъминланмоқда эди. Сӯнгра омма орасида варақалар тарқатила бошладики, унда ҳақиқий исломий оламни ташкил қилиш ғоялари олға сурилган эди. Мазкур террористик амалиёт айнан аввалдан белгиланган ӯшандай махсус гуруҳлар томонидан белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда эди.
Айрим манбаларда келтирилишича, ушбу террористик амалиёт жараёнида қарийб мингга яқин одам ҳалок бӯлган экан.
Террористик ҳаракатнинг тахминан 500 нафар аъзоси ӯз либослари остига яширган қуролларини, бир гуруҳ террористлар эса масжид саҳнида жанозалари ӯқилиши учун келтирилган вафот этганларининг тобутлари ичидан ҳам қурол-яроқларни олишди. Чунки масжидга олиб кирилган тобутлар ичида ҳам аввалдан белгиланган режа асосида қурол-яроқлар яширилган эди.
Ал-Ҳарам масжидида содир бӯлган террористик амалиёт ал-Утайбий ва ал-Каҳтаний раҳбарлик қилаётган радикал гуруҳ аъзолари томонидан амалга оширилган эди.
Жуҳайман ал-Утайбий 1955-1973-йилларда Саудия Арабистони миллий гвардиясида хизмат қилиб, сӯнгра Мадина шаҳрига кӯчиб борган эди. Ушбу шаҳарда у исломий олий мактабда таълим олган. Мазкур исломий олийгоҳни тугатгач, Риёз шаҳрига кӯчиб ӯтган эди.
1978-йилнинг баҳорида, ал-Ҳарам масжидидаги террористик амалиётга қадар, Қувайт нашриётида Жуҳайман ал-Утайбийнинг “Етти хабар” номли китоби нашр қилинган эди. Китобда Саудийлар сулоласи гӯё исломий тақвони унутганлиги, молу дунёга берилиб кетганлиги қаттиқ танқид қилинган эди.
Террористик амалиётларга раҳбарлик қилаётган иккинчи шахс Муҳаммад ал-Каҳтоний эса Риёз олий ӯқув юртининг талабаси эди. У ӯзининг бир гуруҳ сабоқдошлари билан бирга ал-Утайбийнинг жамият ҳаёти учун зарарли сиёсий ақидаларининг таъсирига тушиб қолган эди.
Террористлар масжид дарвозаларини ичкаридан беркитишиб, ӯн минглаб одамларни гаровга олган эди. Шоҳ ҳукумати мазкур террористик амалиётда кимларнинг қӯли борлигини билмас эди.
Макка шаҳрида барча гумон қилинган шахслар қӯлга олиниб, уларнинг барчаси сӯроқ қилинмоқда эди.
Воқеа содир бӯлган жойдан қочиб чиққанлар масалага ойдинлик киритиб, масжид биноси кимлар қӯлида эканлигини маълум қилди. Аммо ҳукумат ушбу маълумотни сир сақлади.
Бу вақтда ислом оламида турли хил овозалар тарқалди. Баъзилар бу ишда Эрон ҳукуматининг қӯли бор деб фикр қилса, айримлар ушбу иш америкаларнинг иши деб миш-мишлар тарқатар эди.
Мазкур ҳодиса замирида Америкага қарши норозиликлар авж олди. Мусулмонлар томонидан Покистон ва Ливия давлатларида жойлашган Америка элчихоналарига ҳужумлар уюштирилди. Ҳиндистон, Бангладеш, Қувайт ва Туркияда бир неча америкаликлар ӯлдирилди. Турли исломий давлатлардаги эътирозлар ниҳоятда авж олиб бораётган эди. Ниҳоят Саудия Арабистони ҳукумати зудлик билан ушбу террористик амалиётда Эрон ва Американинг қӯли йӯқлиги ҳақидаги хабарни тарқатишга мажбур бӯлди. Мазкур маълумотларда масжид бир гуруҳ жангарилар томонидан забт қилинганлиги ҳақида қисқача маълумотлар берилган эди, холос.
Бу вақтда Саудия Арабистони ҳарбий бӯлинмалари масжидни террористлардан озод қилиш борасида турли мушкилликларга дучор бӯлмоқда эди. Асосий мушкиллик шундан иборат эдики, Саудия Арабистони армияси аскарлари террористларга қарши ҳамла қилиш амалиётида иштирок қилишни хоҳламаётган эди. Улар Қуръон ва Ҳадисларда нафақат масжид ичида жанг қилиш, ҳатто қурол билан унинг ичига кириш ҳам ман қилинганлигини рӯкач қилишарди.
Ниҳоят шоҳ ҳукумати аъзолари террористларга қарши ҳужум қилиш-нинг асосий режасини ишлаб чиқишди. Режага мувофиқ ушбу амалиёт 22-ноябр кечаси бошланиши эълон қилинди. Дастлаб ал-Ҳарам масжиди томон тӯплардан ӯқ отила бошланди. Сӯнгра 30 та махсус хавфсизлик хизмати аскарлари масжиднинг шимолий дарвозаси томон равона бӯлди. Аммо минораларга жойлашиб олган террористлар уларни аниқ нишонга олишмоқда эди. Улардан 6 нафаригина тирик қолишди.
Кейинги куни Франсияда таълим олган бир гуруҳ махсус хизмат аскарлари Маккага етиб келишди. Улар икки марта террористларга қарши ҳужумга ӯтишди. Ҳатто бир марта масжид саҳнига ҳам чиқиб боришди. Аммо масжид ичига ва минораларга жойлашиб олган мерганлар уларни ҳам аниқ нишонга олишди. Натижада ушбу гуруҳдан террористлар томонидан қӯлга олинган икки кишигина тирик қолишди, холос.
23-ноябр куни Саудия Арабистони руҳонийлари томонидан мусулмон жамоаси интизорлик билан кутаётган фатво эълон қилинди. Мазкур фатвога биноан таслим бӯлишни хоҳлаган жангариларни озод қилиш, таслим бӯлишни хоҳламаганларини эса ҳарбий амалиёт чоғида йӯқ қилиш хусусида фатво берилди.
24-ноябр куни эрталаб жангариларга қарши ракета ҳужумлари уюштирилди. Сӯнгра қуруқликда ҳаракат қилувчи махсус қӯшин аскарлари масжид ичига кириб, жангариларни яксон қилиш учун жуда қаттиқ ҳаракат қилишди. Аммо масжид ичига мустаҳкам жойлашиб олган жангарилар ҳам қуроллар воситасида жуда қаттиқ қаршилик кӯрсатмоқда эди.
Дин уламоларининг фатвосидан қатъий назар давлат аскарлари ислом дини номидан гапириб, жангариларга қарши курашда сустлик қилмоқда эди.
Жангарилар саркардаларидан бири ал-Каҳтонийнинг ӯзи эса олдинги сафда эди. У ӯзини “замон Маҳдийси” деб эълон қилган эди. Гӯё у ҳеч нарсадан қӯрқмас ва бошқаларни ҳам ӯзидан ӯрнак олишга ундар эди. Аммо 24-ноябр куни жангарилар ӯзини пайғамбар ҳисобловчи раҳбарларидан жудо бӯлишди. Раҳбарлари ҳалок бӯлган жангарилар қаршилик кӯрсатишни бас қилиб, масжид тагхоналарига кириб яширинишди. Террористлар у ерда аввалдан озиқ-овқат маҳсулотлари, қурол-яроқларни ғамлаб қӯйишган эди. Юқорида эса фақатгина гаровга олинганлар қолган бӯлиб, улар оз миқдордаги жангарилар томонидан ушлаб турилган эди.
Ҳарбий бошлиқлар бир неча кун масжид тагхоналарини қай тарзда жангарилардан тозалаш режаларини ишлаб чиқишди. Улар тагхоналарни тер-рористлардан тозалашда кӯздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишга қарор қилишди.
Мазкур амалиётнинг дастлабки босқичи муваффақиятсиз якунланди. Амалиёт вақтида газ тепага чиқиб, “противогаз”дан фойдаланмаган ҳолда ушбу режани бажараётган аскарларнинг ӯзлари ҳалок бӯлишди. Бундан ташқари ушбу газ масжид саҳнида ва унинг атрофида ҳам кенг тарқалиб, ӯнлаб одамларни беҳуш қилди. Ҳукумат Макка атрофидаги маҳаллаларда яшаб келаётган аҳолининг бир қисмини вақтинча бошқа жойларга кӯчиришга мажбур бӯлди.
30-ноябр кечаси бу ерга Франсия миллий жандармерияси (GIGN) нинг тез ҳаракат қилувчи ҳарбий бӯлинмаси гуруҳи етиб келди. Ушбу хорижий бӯлинма ҳам кӯздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишни лозим топди. Франсияликлар зудлик билан ушбу газдан қай тарзда фойдаланиш йӯлларини саудияликларга ӯргатиб, сӯнгра мазкур амалиётни бажаришга киришишди.
3-декабр куни ҳарбийлар томонидан заҳарли газлар тӯлдирилган идишлар тагхоналарга ташланди. Натижада у ерда яширинган террористларнинг барчаси заҳарланиб беҳуш бӯлишди. Саудия ҳарбий бӯлинмалари олдида фақатгина бир вазифа, яъни масжид тагхоналарини тӯлиқ беҳуш ҳолда ётган террористлардан тозалаш вазифаси қолган эди. 18 соатдан сӯнг масжид тагхоналари террористлардан тӯлиқ тозаланди. Шу тарзда амалиёт ҳам ниҳоясига етди.
Расмий маълумотларда келтирилишича, масжидни террористлардан озод қилишда Саудия Арабистонининг 120 аскари ҳалок бӯлган, 461 нафари эса жароҳат олган экан. Бу муқаддас маконда бӯлган, Покистон, Индонезия, Ҳиндистон, Миср ва Бирмадан келган ӯнлаб инсонлар жанг амалиётлари давомида ҳалок бӯлишди.
Жуҳайман бошчилигидаги террористик гуруҳ аъзоларидан 60 нафари қӯлга олиниб, уларнинг барчаси 1980-йилнинг 9-январида халқ наздида қатл қилинди.
Мазкур террористик ҳаракат раҳбарлари ва унинг аъзолари йӯқ қилинса-да, аммо бундай террористик ҳаракатлар жаҳоннинг турли минтақаларида турли шаклларда ӯзларининг манфур ғояларини ва фаолиятларини ҳамон давом эттиришмоқда.
Террористлар томонидан жамият ҳаётига ва давлат сиёсатига зид шунга ӯхшаш гаровга олиш ҳолатлари кейинчалик шарқнинг турли мамлакатларида, турли даврларда содир бӯлиб келмоқда. Жумладан, 1990-йилларда жонажон Ватанимиз – Тожикистонда, 2002-йилнинг октябрида Москва шаҳрида жойлашган Дубровка театрида, 2004-йилнинг 3-4 сентябрида Шимолий Осетияда жойлашган Беслан шаҳридаги 1-ӯрта мактабнинг 1128 нафар талабаларини гаровга олиш ҳолатларида, охирги икки ӯн йиллик давомида Европа давлатларининг йирик шаҳарларида содир бӯлаётган жуда кӯп террористик амалиётлар Макка шаҳрида содир бӯлган террористик амалиётларнинг айнан ӯзгинасидир. Бундан 40 йил аввал ислом оламининг муқаддас манзилларидан бири ҳисобланмиш ал-Ҳарам масжидида содир бӯлган ӯша террористик амалиётнинг вируслари турли мамлакатларда бугунги кунга қадар ёшлар онгини заҳарлаб келмоқда. Бугунги кунда дунё миқёсидаги давлатларнинг жамият хавфсизлигини таъминлаш билан мунтазам шуғулланувчи ташкилотлар ӯз эътиборларини давлат хавфсизлиги-га зид, унинг сиёсий тузумини хароб ҳолатга келтирувчи ҳодисаларга йӯл қӯймасликка қаратилгандир.
Бугунги кунда Ватанимизда фаолияти тақиқланган Ислом уйғониши партияси террористик-экстремистик ташкилоти ҳам айнан шундай принсиплар аосида иш юритмоқда эди. Ӯтган асрнинг 90-йилларида жонажон Ватанимиз – Тожикистонда содир бӯлган фуқаролар урушининг ташкилотчилари айнан ӯша террористик-экстремистик ташкилот аъзолари эди. Уларнинг фаолиятлари ҳам ислом оламининг муқаддас манзилларидан бири ал-Ҳарам масжидида террористик ҳаракатларни амалга оширган ал-Утайбий ва ал-Каҳтанийнинг фаолиятларидан қолишмас эди.
Ӯзларини ҳақиқий мусулмон ҳисобловчи ал-Утайбий ва ал-Каҳтаний ислом оламининг муқаддас манзилларидан бири ҳисобланмиш ал-Ҳарам масжидини исломий қонун-қоидаларни поймол қилган ҳолда оёқ ости қилган бӯлса, ИУП ТЭТ аъзолари ҳам бу борада улардан ортда қолишмади. Улар ҳам ӯзларини ҳақиқий мусулмон ҳисоблаб, қолганларнинг динга муносабатларини мунтазам қоралади. Аслида уларнинг мақсадлари давлатимиз сиёсатига тамомила зид бӯлиб, сиёсий ҳокимиятни қӯлга киритиш, бу ӯлкада диний давлатни барпо қилишдан иборат эди.
Улар ӯз мақсадлари йӯлида муқаддас Ватан тупроғини оёқ ости қилишдан, ӯз ватандошлари ҳаётига зомин бӯлишдан қӯрқмади. Натижада мамлакатимизда содир бӯлган фуқаролар уруши даврида 150 мингдан ортиқ ватандошларимиз қурбон бӯлди, 2 миллиондан ортиқ ҳамюртларимиз уй-жойларидан жудо бӯлишди, ӯз манзилларини ташлаб бошқа жойларга, ҳатто яқин хорижий мамлакатларга ҳам кӯчиб кетишга мажбур бӯлишди. Давлат иқтисодиётига эса 7-10 миллиард АҚШ доллари ҳисобида зарар етказилди.
Мамлакатда тинчлик ва миллий бирликни барқарор қилиш шартномаси имзолангач, Жумҳуриятимиз Ҳукумати томонидан ушбу партия аъзоларига давлат бошқаруви соҳасида фаол иштирок этишлари учун 30 % раҳбарлик лавозимлари уларга берилди. Аммо ИУП ТЭТ аъзолари ӯзларига берилган имкониятлар билан қаноатланмасдан, ғаразли мақсадлари йӯлида Душанбе, Рашт, Хорог, Данғара шаҳарларида яширин тарзда мунтазам иш олиб боришди.
2015-йилнинг мартида Душанбе шаҳрида ИУП раиси М.Кабирий, мазкур партиянинг Олий сиёсий кенгаши аъзолари ҳамда Тожикистон Жумҳурияти Мудофаа вазири муовини Назарзода А.М. иштирокида яширин йиғилиш ӯтказилди. Ушбу йиғилишда ИУП ТЭТ раҳбарияти томонидан Тожикистон Жумҳурияти конститутсион тузумига қарши ҳарбий тӯнтаришни амалга ошириш режаси амалга оширилиши режаси белгиланди. Ушбу террористик-экстремистик ташкилот томонидан давлат конститутсион тузумига қарши террористик амалиётни амалга оширишлари учун хорижий гумашталари томонидан катта миқдорда маблағ ажратилган эди. Ушбу разилона мақсад асосида М.Кабирий фармойишига мувофиқ 20 дан ортиқ ҳарбий гуруҳлар тузилган бӯлиб, уларни қуроллантириш учун Назарзода А.М.га 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ берилган эди. Аммо уларнинг ғаразли ниятлари амалга ошмади. Ҳарбий амалиёт чоғида террористик гуруҳларнинг асосий раҳбари Назарзода А.М. ва ушбу гуруҳнинг аъзолари бӯлмиш 38 нафар жангари йӯқ қилинди. Улардан 520 та ӯқ отиш қуроллари 11000 дона турли хил ӯқ-дорилар қӯлга олинди. 161 нафар ИУП ТЭТ аъзолари ва уларнинг тарафдорлари қӯлга олинди. Қӯлга олинган ИУП ТЭТ аъзолари орасида хорижий фуқаролар ҳам бор эди.
2015-йилнинг 29-сентябрида Тожикистон Жумҳурияти Олий Суди томонидан Ислом уйғониши партияси террористик-экстремистик ташкилот (ИУП ТЭТ) деб эътироф этилди ва унинг фаолияти тамомила тақиқланди. Мазкур тақиқдан сӯнг ИУП ТЭТ аъзолари ва уларнинг раҳбарлари шарқ мамлакатларига ва Европа давлатларига қочиб кетишди.
Бугунги кунда ИУП ТЭТ аъзолари хорижий гумашталари кӯмагида чет мамлакатларда уч йӯналиш бӯйича фаолият юритмоқда. Биринчидан, ӯз мавқеи ва иқтисодий-молиявий базасини максимал даражада мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилишмоқда. Иккинчидан, мунтазам равишда турли хорижий мамлакатлар ҳамда ӯзлари томонидан ташкил қилинган оммавий ахборот воситалари орқали Тожикистон Жумҳурияти конститусион тузумига қарши ташвиқот ишларини олиб бориш билан шуғулланмоқда. Учинчидан, хорижий мамлакатларда, хусусан, Афғонистон ва Покистон каби исломий мамлакатларда ӯзларининг ғаразли мақсадлари йӯлида курашувчи жангари-лар, диверсантлар ва террористларни тайёрлаш билан шуғулланиб келмоқда.
2016-йилдан то 2018-йилга қадар ИУП ТЭТ эҳтиёжлари учун АҚШ доллари ҳисобида 3 миллиондан ортиқ маблағ ажратилган экан. Ушбу маблағлар оммавий ахборот воситалари орқали ташвиқот ишларини олиб боришга, ӯз ғояларини тарғиб қилаётган аъзоларни маблағ билан таъминлаш масалаларига, янги интернет сайтларни очиш, матбуот саҳифаларини ташкил қилиш ишларига сарфланган. “Садои мардум” (Халқ овози) телевизион студияси, “Паём.нет”, “Восток.нюс”, “Озодандешон”, “Кимиёи саодат”, “Ахбор.ком” ва шунга ӯхшаш экстремистик характердаги мақолалар шулар жумласидандир.
Бугунги кунда Тожикистон Жумҳурияти Олий Суди томонидан экстре-мистик характерга эга бӯлган 40 дан ортиқ, жумладан Ислом уйғониш партияси террористик-экстремистик ташкилотига тегишли қуйидаги интернет-сайтлар: Nahzat.orq, Vostoknews.orq, Kimya Saadat, Isloh.net, Ozodandishon.orq, Zindoniyon.com, Payom.net фаолияти буткул тақиқланди.
Қисқаси, ИУП ТЭТ фаолияти тӯлалигича нафақат давлатимиз сиёсий тузумига, умуман, барча дунёвий-демократик давлатларнинг сиёсий тузумига зид бӯлиб, ҳамиша инсоният ҳаётига хавф-хатар келтирувчи жиноий ташкилотдир.
Самадова Г, Тожикистон тоғ-металлургия институти
ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири